Ўзбекистон Республикасининг “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида консерт-томоша тадбирларини амалга ошириш тўғрисида “Ўзбекконцерт” давлат муассасасини ёзма равишда хабардор қилиш шартлиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2022 йил 22 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган “Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш паспорти” талабларига кўра, "Ўзбекконцерт" давлат муассасасини ёзма хабардор қилмасдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида концерт-томоша тадбирларини амалга ошириш лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади.
"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси бундай фаолият ноқонуний эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикаси ташқарисида концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва режалаштиришда "Ўзбекконцерт" давлат муассасасини хабардор қилган ҳолда фаолият юритишлари лозимлиги тўғрисида огоҳлантирмоқда.
"Бугунги кунда ушбу талабларга риоя қилмай хорижда концерт дастурларини режалаштириб ўтказаётган хонандалар йўқ эмас. Лицензия талаб ва шартларига риоя қилмаган санъаткорларнинг лицензияси "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси томонидан муддатидан олдин тўхтатилиши маълум қилинади" , - дейилган "Ўзбекконцерт” ДМ ахборот хизмати хабарида.