Хабарингиз бор, 28 октябрь куни Бутунжаҳон дзюдо куни нишонланди. Сана муносабати билан Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳам катта байрам дастури намойиш этди.
Тадбирда Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов, вазир ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, вазир маслаҳатчиси Аваз Каримов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов, Шерзод Ташматов, Паралимпия Қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев ва бошқа расмийлар иштирок этишди.
Тадбир аввалида сўзга чиққанлар Халқаро дзюдо куни билан барчани қутлаб, дзюдочиларимизни йил давомидаги мусобақалар, хусусан Париж-2024 Олимпиадасида муваффақиятли тарзда иштирок этгани билан табриклашди.
Байрамона тадбирда Олимпия ўйинлари чемпиони Диёра Келдиёрова, Олимпиаданинг бронза медали совриндори Музаффарбек Тўрабоев ёш дзюдочилар учун маҳорат сабоқларини намойиш этди.
"Бу йил ҳеч кимга сир эмас Париж Олимпиадасида дзюдочилар Ўзбекистон тарихини яна бир маротаба янгилашди. Шуни ҳисобига ҳам ушбу санани бу йил каттароқ қилиб нишонлашга қарор қилдик. Чунки, ҳамюртларимиз дзюдо қандай спорт тури эканлигини, ундан қандай сир-асрорлар борлигини, қанақа чиройли спорт эканлигини яна ҳам кўпроқ оммага танитиш ва ёшларимизни кўпроқ бу спортга жалб қилишни хоҳладик.
Сир эмас, Олимпиада кўпчилик болаларга жуда катта мотивация берди. Юртимиз байроғи кўтарилиши, бизни йиғлаб қўлга киритган ғалабаларимиз уларга ҳам ватанпарварлик ҳиссини берди. Улар ҳам спорт билан шуғулланиб, мен ҳам ютимиз байроғини кўтараман, юртимни ривожлантиришга ҳиссамни қўшаман, деб улар ҳам ҳаракат қилишлари албатта жуда ҳам қувонарли. ва бу ерда касалхонадан келган болалар бор, улар билан акция ўтказяпмиз бугун. Уларга ҳам озгина ўзимизни ёрдамимизни кўрсатиб, уларни ҳам спортга жалб қилиб, ҳам соғлом турмуш тарзига татбиқ этмоқчимиз", - дейди дзюдо бўйича Олимпиада чемпиони Диёра Келдиёрова.
Шунингдек тадбирга йиғилганлар ва меҳмонларга мураббий Ўлмас Гуллиев шогирдларининг кўргазмали чиқишларидан баҳраманд бўлишди.
Тадбир иштирокчилари Олимпиада оиласига мансуб дзюдо спорт тури билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди. Турли кўнгилочар шоу дастурлар, спортимиз юлдузлари билан фотосессия жараёни барчага қувончли лаҳзаларни тақдим этди.
Ойбек Шукуров