АсосийЖамият

Пойтахт аҳолиси хонадонларини келаётган қишда иситиш учун нима тадбирлар кўрилган?

Жорий мавсумда Тошкентни электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар ҳолати юзасидан пресс-тур бўлиб ўтди.

'Пойтахт аҳолиси хонадонларини келаётган қишда иситиш учун нима тадбирлар кўрилган?'ning rasmi

Пресс-тур давомида жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан Тошкент шаҳри энерго объектларида амалга оширилган ишлар ва ушбу йўналишдаги янги инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумотлар берилди.

Келаётган мавсумга тайёргарлик доирасида тизим корхоналарида  режа асосида жами 53 та, шу жумладан, 14 та энергоблок, 28 та қозон қурилмаси, 7 та буғ-газ қурилмаси, 1 та турбоагрегат ва 3 та газ-турбина қурилмасида таъмирлаш ишлари амалга оширилди ва белгиланган ишлар ортиғи билан бажарилди.

Қўшимча сифатида, электр станциялардаги тезкор гуруҳлар томонидан камчиликлар аниқланган 11 та энергоқурилмада мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Таъмирлаш ва созлаш ишлари натижасида мавжуд электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари 291 МВт ва иссиқлик ишлаб чиқариш самарадорлиги 235 тонна соатга оширилишига эришилди.

 Дастлаб пресс-тур иштирокчилари Тошкент шаҳри аҳолисини иссиқлик энергияси билан таъминловчи асосий иссиқлик ишлаб чиқариш корхонаси “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги “Тошкент иссиқлик маркази” корхонасининг 5-иссиқлик марказида бўлишди.

 “Тошкент иссиқлик маркази” корхонаси тизимида 9 та иссиқлик марказлари мавжуд бўлиб, уларнинг умумий ўрнатилган қуввати 4580 гигакалорияни ташкил этади. Ҳозирги кунда истеъмолчиларга 65° даража, совуқ қиш кунларида 85° даража ҳароратдаги иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиб, ягона йирик харид қилувчи Veolia Energy Tashkent корхонаси орқали аҳоли ва бошқа истеъмолчиларга етказилади.

2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни иссиқлик энергиясига бўлган талабини тўлақонли қондириш мақсадида мавсумга тайёргарлик ишлари шу йилнинг март ойидан бошланиб, ҳозирда барча қурилмалар мавсумга шай ҳолатга келтирилди.

 Жумладан, 15 та қозон қурилмалари мукаммал, 60 та қозон қурилмаларида жорий таъмирлаш, 239 та насос агрегатларида мукаммал ва жорий,  420 минг метр бўлган ички қувурлар ва ёрдамчи ускуналарнинг иссиқлик сақлаш қопламаларида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.   

 Пресс-тур иштирокчилари кейинги манзилда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан инвестиция лойиҳаси асосида Туркиянинг “Iltekno” компанияси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги “Оқтепа” ва “Боғзор” маҳаллалари ҳудудида бунёд этилган когенерация қурилмасининг фаолияти билан танишишди. Ушбу лойиҳа Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 13 декабрда Чилонзор туманида бўлиб, аҳолининг иссиқлик таъминоти ҳолатини ўрганиш натижалари бўйича белгилаб берган устувор вазифалари асосида амалга оширилди.

 Умумий қиймати 10 млн. АҚШ долларига тенг бўлган мазкур қурилма бир вақтнинг ўзида ҳам иссиқлик, ҳам электр энергияси ишлаб чиқаришга мослашган бўлиб, соатига 4,6 МВт электр энергияси ҳамда 29 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқаради. Фойдали иш коэффициенти эса 85 фоизни ташкил этади. Бу ерда Германиядан келтирилган газ-поршенлар ҳамда “Bosch” қозонлари ишламоқда. Улар орқали йилига жами 41 млн. кВт.соат электр энергияси ва 219 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилмоқда.

 Қурилма ҳудуддаги 50 та кўп қаватли уй, 7 та ижтимоий муассаса ва ўнлаб тадбиркорлик субъектларини барқарор иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаб келмоқда.

 Лойиҳанинг яна бир эътиборли жиҳати - иссиқлик тақсимлаш пунктлари махсус датчиклар билан жиҳозланган. Ҳаво совиб ёки исиб кетишига қараб, уй ичидаги ҳарорат мўътадил сақлаб турилади. Мажмуа ишга туширилиши натижасида йилига 5,3 млн. метр куб табиий газ иқтисод қилинишига эришиляпти.

 Юқоридаги каби лойиҳа ўзининг ижобий натижаларини кўрсатгандан кейин, ҳукуматнинг тегишли топшириғи асосида бу каби лойиҳаларни оммалаштиришга киришилди. Айни пайтда, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан Туркиянинг “Iltekno” компанияси билан ҳамкорликда инвестиция лойиҳаси асосида Тошкент шаҳрининг 6 та туманида қиймати 34,5 млн. АҚШ доллари бўлган шу каби когенерация қурилмаларини  жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.

 Пресс-тур иштирокчиларининг яна бир манзили Олмазор тумани “Шон-Шуҳрат” маҳалласи ҳудудида электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати 1,2 МВт ҳамда иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш қуввати 6,4 Гкал бўлган замонавий когенерация қурилмаси қурилиш майдончаси бўлди.

 Ушбу лойиҳа ишга туширилиши натижасида йилига 8 млн. кВт.соат электр энергияси ҳамда 52 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳа асосида ривожланган давлатларнинг энг замонавий ва юқори тежамкор технологиялари ўрнатилиши ҳисобига йилига 1,2 млн. кубметр табиий газ иқтисод қилинади, атмосферага чиқадиган ифлослантирувчи моддалар ҳажми 67 фоизга камаяди. Лойиҳага кўра, 15 та янги иш ўринлари яратилади.

 Қурилма ишга тушгач, ҳудуддаги 17 та кўп қаватли уй, 1 та ижтимоий соҳа объекти ва бир қатор тадбиркорлик субъектлари барқарор иссиқлик энергияси билан таъминланади.

 Лойиҳа жорий йилнинг охиригача ишга туширилиши режалаштирилган.

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар