АсосийЖамият

Зулфия номидаги Давлат мукофоти талабгорларини танлаш тартиби белгиланди

Талабгорлар 8 та йўналиш — фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти бўйича танловлар орқали сараланади.

'Зулфия номидаги Давлат мукофоти талабгорларини танлаш тартиби белгиланди'ning rasmi

Ҳукумат Қарори (731-сон, 01.11.2024 й.) билан Зулфия номидаги Давлат мукофотига талабгорларни танлаш ва уларнинг ҳужжатларини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақида Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Унга кўра, Зулфия номидаги Давлат мукофоти талабгорларини танлаш, уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва тақдим этиш тартиби ҳамда йўналишлар бўйича талабгорларнинг ютуқлари, илмий-ижодий ва амалий ишларини баҳолаш мезонлари белгиланди.

Талабгорлар 8 та йўналиш — фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти бўйича танловлар орқали сараланади.

Мукофот ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли хотин-қизларга ўқиш ва меҳнат фаолиятидаги ютуқлари учун берилади.

Йўналишлар бўйича ҳар бир ўринга муносиб талабгорларни танлаш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

  • туман (шаҳар) босқичи — 2 сентябрдан 20 октябрга қадар;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи — 21 октябрдан 30 ноябрга қадар;
  • республика босқичи — 1 декабрдан 31 декабрга қадар ўтказилади.

Мукофот ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 2 нафардан вакилларига — жами 28 нафар талабгорга берилади.

Совриндорларга мукофотланганлик ҳақидаги диплом, кўкрак нишони ҳамда БҲМнинг 50 баравари миқдоридаги пул мукофоти ҳар йили 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида тантанали вазиятда топширилади.

    Бошқа янгиликлар