АсосийДунё

Эрон ҳеч қачон Украинага ҳужум қилиши учун Россияга дрон етказиб бермаган

Бу ҳақда Эроннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси расман маълумот берди.

'Эрон ҳеч қачон Украинага ҳужум қилиши учун Россияга дрон етказиб бермаган'ning rasmi

Кеча, Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Муҳаммадали Искандарий журналистлар билан учрашувда Эроннинг бугунги кундаги сиёсий стратегиялари, Ўзбекистон билан дўстона алоқалар, Америка, Исроил ва бошқа давлатлар билан муносабатлар хусусида батафсил тўхталиб ўтди.

Элчи жаноблари бугунги кунда Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар тобора ривожланиб бораётганидан бениҳоя мамнун эканини билдирди. Хусусан, икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маданий алоқалар учун асос яратаётганини таъкидлади.

“Халқларимиз асрлар давомида битта минтақа, маданий ва диний муҳитда яшаб келган. Маданиятимиз, турмуш тарзимиз, меъморчилик ва шаҳарсозликда ҳам муштарак томонларимиз кўп. Буюк аллома Абу Али ибн Сино Бухорода туғилиб, Ҳамадонда вафот этган, Мир Алишер Навоий узоқ йиллар Машҳадда яшаб таҳсил олган,  Фирдавсий, Ҳофиз, Саъдий, Умар Хайём сингари шоирларимизнинг асарлари Ўзбекистон заминида севиб мутолаа қилинган. Бугунги кунда савдо ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Эрон ташқи савдо бўйича Ўзбекистоннинг ўн саккизинчи шериги саналса-да, мавжуд имкониятлардан фойдаланилса, бу кўрсаткични ўнинчи ўринга кўтариш мумкин. Айни пайтда Эрон ва Ўзбекистон ўртасида виза тизими бекор қилинган. Ўзбекистон фуқаролари ҳар олти ойда 15 кун давомида Эронга саёҳат қилишлари мумкин."

Элчи бугунги халқаро вазият, хусусан, Исроилнинг Ғазо минтақаси, ливан ва Эронга ҳужумларини қатъий қоралади.

“Исроилда сўнгги бир йил ичида БМТнинг 230 нафар ходими, 190 нафар хорижий журналистлар ўлдирилди. Исроил кучлари Фаластин ва Сурияда 50 мингдан ортиқ одамни ўлдирди, 55 та шифохона ва клиникани вайрон қилди. Уларнинг 70 фоизи аёллар ва болалардир” - деди эронлик элчи.

Эроннинг Исроил ҳужумларига қарши тайёргарлиги ҳақида сўз юритаркан, Эрон бу олдинги Эрон эмас, Исроил ҳам олдинги Исроил эмаслигини қайд этди. Америкада яқинда ўтказилган  сайловлар ҳақида ҳам тўхталиб, “Aмерика фуқароларининг истаги билан Трамп президент этиб сайланди ва биз америкаликларнинг танловини ҳурмат қиламиз. Аммо Трамп ўтмишда кўп жиддий хатоликларга йўл қўйган ва бу хатоларни тўғирлаш учун унда яна бир имконият мавжуд” - деди.

Шу билан бирга учрашув чоғида эронлик дипломат Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақида фикр билдираркан, “Эрон ҳеч қачон Украинага ҳужум қилиши учун Россияга дрон етказиб бермаган”лигига урғу берди.

“Биз ҳар доим тинчлик ва барқарорликни истаганмиз, ҳамиша Aмерика ва Ғарбнинг инқирозларни вужудга келтириш ва қайта жонлантириш йўлидаги мақсадли хатти-ҳаракатларини қоралаганмиз”, дея ўз фикрига хулоса ясади Муҳаммадали Искандарий.

    Бошқа янгиликлар