Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан Бухоро амирлиги даврига оид қадимий тангаларнинг олиб чиқилиши фош этилди, дея
Аниқланишича “Қарши аэропорти” чегара божхона пости орқали “Қарши-Москва” йўналишидаги ҲЙ-9623-сонли авиарейс билан учиб кетишни мақсад қилган фуқаро Х.Х. “яшил йўлак” орқали ҳаракатланиб келаётганида, ёнидаги қўл ва юк сўмкалари рентген аппаратида божхона назоратидан ўтказилганда ҳамда фуқаронинг ўзи холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, қадимий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилиши тақиқланган, ишлаб чиқарилганлигига 50 йилдан ошган жами 116 дона, металдан тайёрланган қадимий тангаларни мамлакатимиздан яширин тарзда олиб чиқаётган вақтда тўхтатиб қолинди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан маъмурий иш юритилиб, суд органларига юборилган.
Шунингдек, ушлаб қолинган қадимий тангалар “Қашқадарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи”га топширилди. Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг тегишли хулосасида Бухоро амирлиги даврида зарб этилган тангалар ҳам мавжудлиги қайд этилган.
Маълумот учун, “Қарши аеропорти” чегара божхона пости ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 10 та ҳолатда, қиймати 10 млн. сўмдан ортиқ бўлган, тарихий аҳамиятга эга 168 дона маданий бойликларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олди олинган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалаларини тартибга солиш тўғрисида”ги 131-сонли қарорига кўра, маданий бойликларнинг мамлакатимиздан олиб чиқилиши ва олиб кирилишини давлат томонидан тартибга солишни Божхона қўмитаси ҳам амалга оширади.
Мазкур тартибга асосан, эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетилмайди.