Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар қилди.
Қонун лойиҳасининг консепсияси юзасидан Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маъруза қиляпти.
Таъкидланганишича, 2025 йил учун Давлат буджети тўғрисидаги қонун лойиҳасида давлатнинг фуқаролар олдидаги барча ижтимоий мажбуриятларини бажариш учун етарли миқдорда маблағ ажратилган, шу жумладан иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни ўз вақтида тўлаш ҳамда инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда ошириб бориш кўзда тутилган.
Лойиҳада аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш учун Давлат буджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлигини сақлаб қолинмоқда.
Хусусан, камбағалликни қисқартиришга жами 20 трлн. сум маблағ ажратилмоқда. Ижтимоий ҳимояга ажратилаётган маблағларнинг манзиллилигини кучайтириш ва самарадорлигини таъминлашга қаратилган чоралар лойиҳада ўз аксини топган.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръати келгуси йилда 2024-йилга нисбатан 6 фоиз ва аҳоли жон бошига 3251 долларни ташкил этиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, ўсиш суръатлари саноатда 6,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,1 фоиз, бозор хизматларида 14,5 фоиз, қурилишда 14,2 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда. Инфляция даражаси 7 фоиз бўлиши кутилмоқда.