Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги республика ишчи гуруҳи томонидан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги, вилоят Экология бошқармаси, ИИБ ва Солиқ органлари масъуллари томонидан Хоразм вилоятида назорат рейд тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилмоқдв.
Рейд давомида Хива шаҳрида жойлашган Деҳқон бозори ҳудудида белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш ва ноқонуний чиқиндихона ташкил этиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. Шунингдек, "Хива шаҳри Деҳқон бозори" АЖ маъмурияти томонидан бозор ҳудудида чиқинди тўплаш майдончаси ва махсус чиқинди қутилари ўрнатилмагани кузатилди.
Ҳолат юзасидан мансабдор шахс бозор АЖ раҳбари Д.М. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК. нинг 91¹-моддаси 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида Суд органларига юборилди.
Шу билан бирга, ушбу деҳқон бозори ҳудуди "Эко кластер" МЧЖ санитар корхонасига бириктирилган бўлиб, бозор маъмурияти ва улар ўртасида хизмат кўрсатиш бўйича шартнома мавжудлиги, бироқ маъмурият МЧЖдан 5 млн сўм миқдорида қарздор эканлиги маълум бўлди. Бозор маъмурияти раҳбари эса бу қарздорлик бартараф этилишини таъкидлади ва бозор ҳудудида чиқинди қутилари ўрнатилди.
Маълумот учун, полигонларга жойлаштирилиши керак бўлган маиший ва қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойларга ташлаш мансабдор шахслар учун БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (7 млн 500 минг сўмдан 11 млн 250 минг сўм) миқдорида жаримага сабаб бўлади. Ушбу ҳолат бир йил давомида қайта содир этилса, БҲМнинг 30-50 баравари миқдорида жарима белгиланади.