2024 йилда соҳага 36 триллион сўм ажратилган. Бу ўтган йилга нисбатан 25 фоиз кўпдир.
Қайд этилишича, 2025 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 41 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган. Бунинг ҳисобидан янги шифохоналар ташкил этиш ва жиҳозлаш, мавжуд қувватларни кенгайтириш, тиббий кўрик қамровини кенгайтириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари бу соҳадаги асосий вазифа – бирламчи бўғинда тиббиёт сифатини ошириш эканини таъкидлади. Бунинг учун вазирлик вертикалини ҳудудларда тўғри ишлатиш, айниқса, чекка ва оғир туманларга эътиборни кучайтириш вазифаси қўйилди.
Бу бўйича туркиялик экспертлар 6 та ҳудуддаги тиббиёт муассасалари фаолияти ва улардаги кўрсатилаётган тиббий хизматлар ўрганилди. Ўрганишлар натижасида аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизматларини тизимли ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Мутасаддиларга бу масалани чуқур таҳлил қилиб, бирламчи бўғин трансформацияси бўйича қарор лойиҳаси тайёрлаш топширилди.
Ушбу йўналиш ходимларининг малака ошириш дастури такомиллаштирилади. Назарий билим ва кўникмаларни эгаллашдан компетенцияларни ривожлантиришга босқичма-босқич ўтилади.
Шунингдек, келгуси йил тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маошлари оширилади. Оилавий шифокорларнинг меҳнат самарадорлиги асосида устама тўлаш тартиби жорий қилинади.
Ҳудудларга бўлаётган эътибор изчил давом эттирилади. Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида давлат тиббий суғуртаси амалиётлари жорий этилади. Марказлашган лаборатория хизматлари кенгайтирилади. “Харидлар маркази” ва унинг 13 та ҳудудий филиали ташкил этилиб, тиббий жиҳозлардан фойдаланиш электрон тизим орқали назорат қилинади.
Яна 35 та йўналишдаги 400 та миллий клиник протоколлар ишлаб чиқилади. 7 та ихтисослашган марказ ва 2 та олий таълим муассасаси халқаро аккредитациядан ўтказилади.
Йиғилишда кадрлар масаласига ҳам эътибор қаратилиб, тиббий ўқув юртларида таълим сифатини ошириш, уни амалиёт билан ҳамоҳанглигини мустаҳкамлаш, битирувчиларнинг бирламчи бўғинда тажриба орттиришини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.