Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов Туркиянинг "Outdoor Factory" компанияси директори Cинан Тураман ва Франциянинг "Wilmotte & Associés" компанияси ижрочи директори Борина Андриулар билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати хабар қилди.
Учрашувда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташқи қисми дизайни ҳамда Имом Бухорий инновацион музейининг контентини яратиш бўйича муҳокама ўтказилди.
Франциянинг "Wilmotte & Associés" компанияси ижрочи директори Борина Андриу Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази лойиҳасини ишлаб чиқиш, ушбу меъморий ансамблнинг ички дизайнини ўзига хос тарзда яратиш бўйича 2018 йилдан бери иш олиб бормоқда. Мазкур компания томонидан ўтган вақт давомида Марказ музейи ва кутубхонаси концепцияси ҳамда уларнинг ички дизайни ишлаб чиқилган.
“Outdoor Factory” компанияси директори Cинан Тураман бошчилигида эса Самарқандда барпо этилаётган “Имом Бухорий” инновацион музейи, Марказ музейи экспозициясидан ўрин олган интерактив "Вақт девори" лойиҳаси ва бошқа лойиҳалар бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Давлат раҳбари томонидан Имом Бухорий мажмуаси ва унинг таркибидаги инновацион музейни барпо этишда: “Имом Бухорий бобомизнинг қадрини янада кўтариш, жаҳонга баралла айтишга асос яратиш”, шунингдек, “Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти, илм йўли, ўша давр тарихини инновацион ахборот технологиялари орқали кўрсатиш халқимизга яна бир маънавий хазина бўлади”, – деган фикрлари асосий мақсад қилиб олинган.
Учрашув сўнгида ҳамкорлар жараён ва янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Маълумот учун: Outdoor Factory — 2010 йилда Истанбулда ташкил этилган Туркиянинг йирик қурилиш ва лойиҳалаштириш корхонаси. Компаниянинг асосий фаолият тури — боғлар, музейлар ҳамда маданий объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш. Outdoor Factory Туркия, Қатар, Италия, АҚШ, Германия ва Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарига эга. Корхона дунё миқёсида 350 дан ортиқ концептуал лойиҳалар, шунингдек, 25 та музей ва 110 та монумент лойиҳаларни амалга оширган. “Outdoor Factory” компанияси томонидан “Янги Ўзбекистон” боғидаги “Истиқлол” стелласи бунёд этилган.