Фарғона вилоятида Damas уриб юборган икки йўловчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Билдирилишича, ҳолат Қува-Марғилон-Марҳамат йўлининг Тошлоқ тумани Яккатут маҳалласидан ўтувчи ички қатнов йўлида содир бўлган. 34 ёшли Damas ҳайдовчиси спиртли ичимлик таъсирида автомашинани юқори тезликда бошқариб кетаётиб, олдинда велосипедда кетаётган фуқарони уриб юборган.
Сўнгра у қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, йўл четида онаси билан кетаётган 5 ёшли қизни ҳам уриб, воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳодиса оқибатида қиз шифохонада, 71 ёшли эркак эса ҳодиса жойида вафот этган.
ЙТҲ юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумонланувчига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Маълумотларга кўра, вилоятда 2024 йилда жами 2794 та ҳолатда маст ҳолда автомашина бошқариш билан боғлиқ қоидабузарлик содир этилган.