“Толибон” Трампнинг Афғонистондаги Америка қуролларини қайтариш чақириғига рад жавобини берди.
АҚШ президенти Дональд Трамп, агар "Толибон" ҳаракати АҚШнинг қолдирилган ҳарбий техникасини қайтармаса, Афғонистонга молиявий ёрдамни тўхтатиш билан таҳдид қилди.
Трампнинг талабига жавобан, "Толибон" вакили АҚШ қўшинлари 2021 йилда Афғонистондан чиқиб кетганида қолдирилган ҳарбий техникани қайтариш ниятида эмаслигини билдирди. “Толибон”, АҚШ нафақат мавжуд қуролларни қайтариб олмаслиги, балки “Исломий давлат” (ИШИД) Хуросон" (ISIS-K) террористик ташкилотига қарши кураш учун янада замонавий қурол-яроғлар тақдим этиши кераклигини маълум қилган.
Маълумотларга кўра, АҚШ қўшинлари чиқиб кетганидан сўнг, 7 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги ҳарбий техника "Толибон" қўлига тушган. Ҳар йили "Толибон" ушбу қўлга киритилган техника билан Кобул яқинидаги собиқ Америка ҳарбий базасида парад ўтказади. Ўтган йили бу тадбирда Хитой ва Эрон дипломатлари ҳам иштирок этган.
Шу билан бирга, "Толибон" ҳукумати АҚШ билан муносабатларда янги саҳифа очишни ва 9 миллиард доллардан ортиқ музлатилган валюта захираларига эга бўлишни истамоқда. АҚШ билан нормал муносабатлар ўрнатиш "Толибон"нинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинишига ёрдам бериши мумкин.
Абдуллоҳ Саййид