АсосийСиёсат

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ваколатли орган этиб белгиланмоқда

Сенат “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади.

'Қишлоқ хўжалиги вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ваколатли орган этиб белгиланмоқда'ning rasmi

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди. 

Мазкур Қонуннинг мақсади озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. 

Қонун нормалари аҳолининг озиқлик қимматига эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан хавфсиз овқатланишини таъминлашга, самарали бозор механизмларини шакллантириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқаришга нисбатан татбиқ этилади.

Қонунда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган.

Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг минимал нормаларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсининг айланма захирасини шакллантириш ҳамда аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли миқдорда ва узлуксиз таъминлаш имкониятларини кенгайтириш шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, давлат озиқ-овқат маҳсулотларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради.

Ташқи иқтисодий фаолиятни фаоллаштириш, шунингдек ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорти ва импорти ўртасидаги мақбул мувозанатни сақлаш ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг йўналишларидан бири ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ваколатли давлат органи сифатида белгиланмоқда.

Унга республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлаш, озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи омилларни ўрганиш асосида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва ривожлантиришга доир қисқа, ўрта ҳамда узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш каби бир қатор ваколатлар берилмоқда.

Шунингдек, Қонунда озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўймаслик бўйича давлат томонидан қандай чоралар кўрилиши, озиқ-овқат балансини шакллантириш, истеъмолчиларнинг ва хўжалик юритувчи субектларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

    Бошқа янгиликлар