Қизириқ туманида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, Қизириқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда йўл қўйилган камчиликларга тўхталди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Вилоят раҳбари шу вақтга қадар туман ҳокими вазифасида ишлаб келган Анвар Орипов ўз аризасига биноан лавозимидан озод этилганлигини билдириб, Алламуротов Шерхон Йўллиевич номзодини Қизириқ тумани ҳокими этиб тайинлаш таклифини билдирди. Номзод депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Шерхон Алламуротов 1986 йилда Жарқўрғон туманида туғилган. 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – ҳуқуқшунос. Подполковник ҳарбий унвонига эга.
Фаолияти давомида Ички ишлар органларида турли вазифаларда, хусусан, вилоят Ички ишлар бошқармасида бўлим бошлиғи, Жарқўрғон тумани ИИБ бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган. Тайинловга қадар Ш.Алламуротов 2023 йилдан буён Қизириқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.
Вилоят раҳбари янги ҳокимга туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди ҳамда фаолиятига муваффақиятлар тилади. Фаоллар ҳамда мутасаддилардан янги ҳоким атрофида бирлашиб, туман ривожи учун самарали меҳнат қилишни сўради.