Бугун Корея Республикасининг жануби-шарқдаги Пусан шаҳридаги халқаро аэропортда йўловчи самолёти ёниб кетди, 3 киши эвакуация қилинаётганда жароҳат олди.
Ўт ўчирувчиларнинг маълумотларига кўра, Сеулдан 320 километр жануби-шарқда жойлашган Пусан шаҳридаги Кимҳе халқаро аэропортидан Гонконгга йўл олган AirBusan самолёти соат 22:26 да ҳавога кўтарилишидан олдин дум қисми ёниб кетган. Уларнинг қўшимча қилишича, бортдаги барча 169 йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси ҳаво пуфланадиган слайдда эвакуация қилинган.
Ўт ўчирувчилар воқеа жойига соат 22:34 да етиб келишган.
Aввалига жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган бўлса-да, кейинроқ ўт ўчириш идоралари эвакуация пайтида 3 киши ҳаёт учун хавфли бўлмаган жароҳатлар олганини маълум қилди.
Ёнғин самолётнинг дум қисмидан бошланган ва самолётнинг фюзеляж қисмига ўтгани тахмин қилинмоқда.
“Биз 176 кишининг ҳаммаси эвакуация қилинганига ишонамиз, аммо ҳар эҳтимолга қарши ҳаво кемаси ичида қолган одамларни қидиряпмиз”, — дея қўшимча қилган расмий.
Абдуллоҳ Саййид