АсосийДунё

Путин: Украинага пул ва ўқ-дори берилмаса, уруш бир ярим-икки ой ичида тугайди

Россия раҳбари Украина суверенитети бугунги кунда деярли нолга тенг эканини таъкидлади.

'Путин: Украинага пул ва ўқ-дори берилмаса, уруш бир ярим-икки ой ичида тугайди'ning rasmi

Россия президенти Владимир Путин Украинадаги уруш ҳақида гапирар экан, "Агар ҳомийлик маблағлари ва ўқ-дорилар тугаса, “махсус операция” (Россиянинг Украинага босқини) бир ярим-икки ой ичида якунланади", деди.

Россия раҳбари шунингдек, Украина суверенитети бугунги кунда деярли нолга тенг эканини таъкидлади.

2024 йилда Путин АҚШ Украинага қурол етказиб беришни тўхтатиши керак, шунда можаро икки-уч ой ичида якунланишини айтган эди. Шунингдек, у ўша пайтдаги АҚШ президенти Жо Байденга Украина Қуролли Кучларини қурол билан таъминлашни тўхтатиш зарурлигини айтганини қўшимча қилган.

Ўз навбатида Украина президенти Владимир Зеленский 1994 йилда Украина ядро қуролини Россияга топширганини "аҳмоқона қарор" бўлган деб атади.

Украина президенти Владимир Зеленский 1994 йилда Будапешт меморандуми доирасида Украинанинг ядро қуролини Россияга топширишини "аҳмоқона" ва "мантиқсиз" қарор деб атади. Бу ҳақда у италиялик Il Foglio нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

"Биз ядро қуролини бермаслигимиз керак эди. Бу мутлақо аҳмоқона ва мантиқсиз қарор бўлган", — деди Зеленский. Унинг таъкидлашича, бундай қарор Украинага ҳам, бутун Европага ҳам нисбатан нотўғри бўлган.

Зеленский шунингдек, собиқ АҚШ президенти Жо Байденни танқид қилди. Унинг танқиди 2021 йил ёзда Швейцарияда Байден ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида ўтказилган учрашувга қаратилган.

Аввалроқ Зеленский Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта билан Россияга қарши санкцияларни кучайтириш масаласини муҳокама қилган эди.

"Европа Иттифоқининг (ЕИ) Россияга қарши санкцияларни яна олти ойга узайтириш тўғрисидаги бугунги қарорини қадрлаймиз", — деб ёзди Украина президенти.

                                         Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар