Дамашқ шаҳрида бўлиб ўтган музокараларда Суриянинг амалдаги раҳбари Аҳмад аш-Шаръа Россиядан собиқ президент Башар Асадни топширишни талаб қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
28 январь куни Сурия пойтахтида бўлиб ўтган музокараларда Россия номидан мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов қатнашган.
Суриянинг янги раҳбарияти Москвадан ўтмишдаги хатоларни тан олиш ва товон тўлашни талаб қилган. Россия делегацияси буни рад этган.
Музокараларда Россиянинг Тартус ва Хмеймимдаги ҳарбий базалари тақдири ҳам муҳокама этилган.
Томонлар зиддиятли масалаларда бир тўхтамга келмаган. Фақат музокараларни давом эттиришга келишиб олишган.
Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 8 декабрь куни "Ҳайъат таҳрир аш-Шом" гуруҳи бошчилигидаги исёнчилар Дамашқни эгаллаб, Башар Асаднинг 24 йиллик ҳукмронлигига чек қўйган эди. Бунинг ортидан Асад Россияга қочиб кетган.