Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2024 йил якунлари ижроси юзасидан ҳисоботини кўриб чиқди.
Мажлисда иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ахборот берди.
Унинг қайд этишича, Давлат дастуридаги устувор йўналишлар ва мақсадларнинг ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида барча зарур чоралар кўрилган. 2024 йил якунида ялпи ички маҳсулот ўтган йилга нисбатан 6,5 фоизга ошиб, 115 млрд. долларга етган. Давлат бюджети даромадлари 274,4 триллион сўмга етиб, 18,4 фоизга кўпайган. Йиллик инфляция даражаси 9,8 фоизни ташкил этган.