Олий суд 2024 йилда судлар томонидан кўриб чиқилган жиноят ишлари юзасидан маълумотларни эълон қилди.
Унга кўра, 2024 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 77 995 нафар шахсга нисбатан 61 481 та жиноят иши кўриб чиқилди. 723 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди.
Судланганлар сони 61 502 нафарни ташкил этиб, шундан 20 659 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 39 763 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 1 080 нафар шахс шартли ҳукм қилинди. Судланганларнинг
- 54 370 нафари эркак;
- 7 132 нафари аёл;
- 22 757 нафари ёшлар (шу жумладан 2 214 нафари вояга етмаган);
- 2637 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.
Маълум қилинишича, 7 956 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди, 33 151 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 11 581 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди ва 14 991 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
- 124 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
- 33 146 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, 11 581 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.
Ҳисобот даврида кўрилган жиноят ишларнинг аксариятини
- фирибгарлик,
- транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш,
- ўғрилик,
- гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар,
- ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш,
- ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш,
- қасддан баданга енгил шикаст етказиш,
- безорилик,
- қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш,
- гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жиноятлар ташкил этади.