Олий мажлис ялпи мажлисида банкларни ихтиёрий тугатиш жараёнини қайта кўриб чиқиш масаласи ҳам муҳокамада бўлди. Илгари банк тугатилишига рухсат бериш бир босқичли жараёндан иборат бўлган бўлса, янги қонунга кўра, бу жараён энди икки босқичдан ташкил топади.
Депутат Екатерина Смесова бу ўзгариш сабабларига қизиқиб, ўзбек тилида савол йўллади. Унга жавобан, Қонун лойиҳасига масъул қўмита аъзоси, депутат Мақсудбек Қурбонбоев “Омонатчиларни ўз эгаларига қайтариш лозим. Бироқ ҳозирги омонатларни биринчи бўлиб тўланишини назорат қиладиган механизм ҳали мавжуд эмас”, — дея таъкидлади.
Унинг айтишича, шунинг учун ҳам энди банк тугатилишидан олдин барча омонатлар тўлиқ қайтарилганлиги қатъий назорат қилинади. Қайд этилишича, янги тартиб банк тизимида шаффофликни ошириш, омонатчилар маблағларини турли хавфлардан ҳимоя қилиш ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган.