АсосийМаданият

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Мирзо Улуғбекнинг сарой кутубхонасига бағишланган бурчак ташкил этилади

Кутубхона тарихан мукаммал ўрганилиб, у ҳақидаги барча манбалар йиғилмоқда.

'Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Мирзо Улуғбекнинг сарой кутубхонасига бағишланган бурчак ташкил этилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини эскпозициялар билан бойитиш жараёни давом этмоқда. Унда Мирзо Улуғбек даври сарой кутубхонаси бой илмий ва маънавий меросига бағишланган махсус бурчак ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган. Кутубхона тарихан мукаммал ўрганилиб, у ҳақидаги барча манбалар йиғилмоқда. Мирзо Улуғбекнинг илмий мероси, қўлёзмалари тўпланади ва экспозиция фондлари орасидан уларнинг факсимил нусхалари жой олади

Шарқда сарой кутубхоналари, нафақат, илм-фан, маданият ва маърифат маскани, қолаверса ҳукмдорлар яшайдиган қароргоҳ ҳам бўлган. Мирзо Улуғбекнинг сарой кутубхонаси ўрта асрлар Шарқ оламидаги энг нуфузли илмий марказлардан бири бўлган. Бу кутубхона Темурийлар даврида илм-фан ва маданиятни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган бўлиб, Улуғбекнинг шахсий ташаббуси билан ташкил этилган.

Кутубхона фонди  нодир ва камёб китоблар билан тўлдирилган. Зиё масканида астрономия, математика, фалсафа, тиббиёт, тарих ва бошқа фанларга оид ноёб қўлёзмалар жамланган. Унда Шарқ ва Ғарб олимларининг машҳур асарлари сақланган.

Бу кутубхона Ўрта Осиёда илм-фан тараққиётида муҳим ўрин тутган.  Кутубхона фақат китоблар жамланган жой эмас, балки астрономлар, математиклар ва бошқа илмий ходимлар учун ўзига хос тадқиқот маркази бўлган. Улуғбекнинг ўзи ҳам бу ерда илм билан шуғулланган. Атрофига замон олимларини йиққан. Темурийлар ҳукмронлиги заифлашганлиги Мирзо Улуғбек кутубхонасига ҳам ўз таьсирини ўтказган. Фонддаги ноёб китобларнинг аксарияти йўқолган.

Улуғбек вафотидан сўнг унинг Самарқанддаги 15 минг китобдан иборат машҳур кутубхонаси хавф остида қолади. Кутубхонани “ўз даврининг Птоломейи” номини олган Али Қушчи сақлаб қолган. Кутубхонадаги китобларнинг кўп қисмини Али Қушчи Самарқанд яқинидаги Ҳазрат Башир қишлоғига кўчирган. Кўп ўтмай, ўзи ҳам  таъқибларга учраб Самарқандни тарк этган. Ҳозирги кунда унинг асл ўрни ва қолдиқлари ҳақида аниқ далиллар мавжуд эмас. Унинг Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси ҳудудида жойлашгани тахмин қилинади.

    Бошқа янгиликлар