Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тижорат банклари томонидан фуқароларга тегишли банк карталари ҳақида СМС хабарлар юборилаётгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Марказий банк изоҳ берди.
Унга кўра, ушбу СМС хабарлар тижорат банклари томонидан Марказий банкнинг тегишли кўрсатмасига мувофиқ фуқароларни уларнинг номига расмийлаштирилган банк карталари тўғрисида хабардор қилиш мақсадида юборилмоқда.
«СМС хабарларда келтирилган банк карталари рақамлари ахборот хавфсизлиги ҳамда киберхавфсизлик талабларидан келиб чиқиб, қисман беркитилган тарзда акс эттирилган», — дейилади Марказий банк баёнотида.
Шунингдек, фуқаролар СМС хабарларда қайд этилган банк карталари уларнинг номига расмийлаштирилганлиги билан боғлиқ бирор тушунмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, хизмат кўрсатувчи тижорат банкига мурожаат қилиб, ҳолатга аниқлик киритишлари ҳамда фойдаланмаётган банк карталарини ёпишлари тавсия қилинган.
Бундан ташқари, анъанавий усулда банк картаси очишдан ташқари фуқаролар номига банк карталари фирибгарлар томонидан банк мобиль иловаларидаги фуқаро шахсий кабинети эгалланиши оқибатида ёки фуқаронинг ўзи банк мобиль иловасида рўйхатдан ўтиш орқали расмийлаштирилиши мумкин.