Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қонундаги нормалар оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қайта шу каби тазйиққа учраш ҳолатларининг олдини олиш, турар жойга мажбурий тартибда киритиш билан боғлиқ масалаларни тартибга солади.
Мазкур қонунга кўра, турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда суд тарафларнинг келишувига асосан мулкдорнинг ташаббусига кўра турар жойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни мулкдорга тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкин.
Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши оилавий (маиший) зўравонлик жиноятидан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтиришга, шунингдек хотин-қизларнинг фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.