АсосийДунё

Қозоғистонда суд-тиббий экспертизада жасадларни ёришдан воз кечиш режалаштирилмоқда

Ҳукумат йиғилишида адлия вазири Ерлан Сарсембаев экспертлик фаолиятига янги усуллар жорий этилиши ҳақида маълум қилди.

'Қозоғистонда суд-тиббий экспертизада жасадларни ёришдан воз кечиш режалаштирилмоқда'ning rasmi

Қозоғистонда суд-тиббий экспертизада жасадларни ёришдан воз кечиш режалаштирилмоқда. 

Ҳукумат йиғилишида адлия вазири Ерлан Сарсембаев экспертлик фаолиятига янги усуллар жорий этилиши ҳақида маълум қилди.

"Биз "Виртуал аутопсия" тизимини жорий қиламиз, унинг моҳияти жасадларни текшириш учун компьютер томографиясидан фойдаланишга асосланган. Бу тадқиқот жасадни мажбурий ёришдан қочиш имконини беради, бу эса миллий ва диний анъаналар билан боғлиқ зиддиятларнинг олдини олишга ёрдам беради", — деди вазир ҳукумат йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, суд-экспертиза усуллари такомиллаштирилади, эксперт ва тегишли органларнинг ҳаракатларини тартибга солувчи босқичма-босқич алгоритм ишлаб чиқилади. Бу эса экспертиза ўтказиш муддатини қисқартиришга, асоссиз экспертизалар сонини камайтиришга ва уларнинг сифатини оширишга ёрдам беради.

Шунингдек, вазирнинг фикрича, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда "Е-сараптама 2.0" ахборот тизимининг янги версиясини ишлаб чиқиш зарур.

"Бу тизим экспертнинг тадқиқот жараёнидаги ҳаракатларини кузатиш, шунингдек, тадқиқотлар, ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликлардаги эҳтимолий оғишлар ҳақида огоҳлантириш имконини беради. Шунингдек, экспертиза жараёнларини тўғридан-тўғри тизимнинг ўзида ўтказиш ва инсон омили сабабли юзага келиши мумкин бўлган хатоларнинг олдини олиш функцияси ҳам жорий этилади", — деди вазир.

                                          Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар