Айни пайтда Фарғона вилоятининг қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотлари дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Айнан мева-сабзавотлар экспорти борасида Фарғона вилояти мамлакатимизда етакчи ҳудудлар сирасига киради. Хусусан, мазкур йўналишда Россия, МДҲ давлатлари салмоқли улушга эга бўлиб, кейинги йилларда ҳамкорлик кўлами ва миқёсини янада кенгайтириб бориш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Шу кунларда Россиянинг Новосибирск шаҳрида "Азия-Сибир" савдо мажмуаси тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Бу мамлакатимиз, шу билан бирга ҳудудлар экспорт салоҳиятини янада ошириш ва кенгайтиришга хизмат қилади. Умумий майдони салкам 130 минг кв. метрга тенг савдо бозорида 30 га яқин музлатгич, вақтинчалик сақлаш омборлари, реф-контейнерлар, тадбиркорлар учун меҳмонхона ва ошхона мавжуд.
- Замонавий мезонлар асосида барпо этилган улгуржи савдо мажмуаси тадбиркорларимизга қулай ва хавфсиз ишлаш, ишончли ва узоқ муддатга мўлжалланган ҳамкорлар топиш имконини беради, - дейди вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элдор Турсунқулов. - Ишонамизки, янги бозор янги харидорлар билан манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, маҳсулотни ташиш, сифатли сақлаш ҳамда доимий равишда Россиянинг бренд савдо тармоқларини керакли маҳсулотлар билан таъминлашда қўл келади.
Очилиш маросимида Фарғона вилояти делегацияси ҳам иштирок этиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича истиқболли келишувларга эришилди.