Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида ўзаро келишмовчилик оқибатида танишини пичоқлаб ўлдирган эркакка 23 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Маълум қилинишича, қотиллик 2024 йилнинг 13 октябрь куни содир бўлган. Судланувчи эркак келишмовчилик оқибатида танишлари Н.А. (аёл) ҳамда У.Д. (эркак)ни қасддан ўлдиришни мақсад қилиб, уларнинг танасининг турли соҳаларига ошхона пичоғи билан урган. Оқибатда У.Д. шаҳар тиббиёт бирлашмасида олган тан жароҳатлари билан вафот этган.
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судида ушбу қотиллик юзасидан суд иши якунланди.
Суд айбланувчига Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “ж” банди билан 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 25 орқали 97-моддаси 2-қисми “а”, “ж” бандлари билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, Жиноят Кодексининг 59-моддасига (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) асосан жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 23 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.