Россияликлар учун Қозоғистон банк карталарига муқобил вариант топилди: энди улар масофадан туриб Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон банкларидан карта очишмоқда.
Бу Қозоғистон ҳукумати 2025 йил январидан бошлаб норезидентларга тўлов карталарини бериш қоидаларини қаттиқлаштирганидан кейин содир бўлди. Бир қанча йирик банклар, жумладан, Home Credit ва Kaspi, чет элликларга карта беришни тўхтатди. Бошқа банклар, масалан, Freedom Bank ва «Центркредит», хизмат кўрсатишни фақат шахсан келган мижозлар учун давом эттирди. Кейинчалик Kaspi банки Қозоғистонда яшаш учун рухсатномаси бор шахсларга карта беришни қайта бошлади.
Айни пайтда россияликлар орасида Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон банклари катта талабга эга бўлиб қолди. Масалан, Тожикистон Халқаро банки ва «Хумо» микромолиявий компанияси чет элликларга АҚШ доллари ва еврода карта таклиф қилмоқда. Ушбу карталарнинг амал қилиш муддати беш йилгача давом этиши уларни Қозоғистон карталарига нисбатан афзалроқ қилади.
Қирғизистонда россияликлар орасида «Компаньон», Бакай-банк, DemirBank каби молия муассасалари машҳурликка эришган. Ўзбекистонда эса Asia Alliance Bank, Aloqabank ва бошқа банклар чет эллик мижозларга карталар таклиф қилмоқда.
Миллий тўлов кенгаши раиси Александр Линников таъкидлаганидек, чет эл банкларида карта очиш жараёни тобора осонлашмоқда. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон банкларида картани масофадан туриб, ҳеч қандай ортиқча харажатларсиз расмийлаштириш мумкин.
"Бу жараён анча осон. Кўплаб хорижий банклар россиялик мижозларга бундай хизматни узоқ вақтдан бери тақдим қилиб келмоқда. Россияда уларнинг ваколатхоналари ёки ишончли вакиллари бор. Улар Россия фуқароларидан аризаларни қабул қилиб, ҳисоб рақамлари очиш ва карта бериш жараёнини амалга оширади. Бунга катта ҳажмдаги ҳужжатлар талаб этилмайди. Бу усул илгари Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон банклари томонидан ҳам қўлланилган."
Мутахассиснинг фикрича, бундай карталар россияликлар учун халқаро тўлов тизимлари – Visa ва Mastercard карталарига муқобил вариант сифатида хизмат қилмоқда. Шунингдек, дўстона давлатлар банклари Россия мижозлари учун ўзаро рақобатда бўлиб, уларни жалб қилишга интилмоқда.
Эслатиш жоиз, Россия қонунчилигига кўра, фуқаролар хорижда очилган банк ҳисоб рақамлари ҳақида Россия солиқ органларига хабар бериши шарт.
Абдуллоҳ Саййид