АсосийЖамият

Дорилар нархларини ошириб сотаётган дорихоналарга нисбатан иш қўзғатилди

Рақобат қўмитасига дорихоналар томонидан дори воситаларини сотишда белгиланган савдо устамаларига риоя этилмаётганлиги юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

'Дорилар нархларини ошириб сотаётган дорихоналарга нисбатан иш қўзғатилди'ning rasmi

 Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига “FAIR TECH” ягона ахборот тизими орқали Тошкент шаҳрида жойлашган дорихоналар томонидан дори воситаларини сотишда белгиланган савдо устамаларига риоя этилмаётганлиги юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда. Бу ҳақда Қўмита Матбуот хизмати хабар қилди. 

Мурожаатларга асосланган ҳолда олиб борилган ўрганишлар натижасида қатор дорихоналар томонидан савдо устамаларига риоя этилмаган ҳолда:

“WHOLE PHARM” МЧЖ томонидан дори воситаларини улгуржи сотишда белгиланган савдо устамаларига амал қилинмаган. Ўрганиш натижасида 669 та ҳолатда, 224 та корхонадан 32,7 млн сўм;

“YOUNG PHARM” МЧЖ томонидан чакана ва улгуржи савдода қонунбузарликлар қайд этилди. Жумладан: 

- чакана савдода 697 та ҳолатда 2,1 млн сўм;

- улгуржи савдода 11 535 та ҳолатда 239,8 млн сўм;

“SHIPOVNIK FARM MEDICAL” МЧЖ томонидан чакана савдода 2 290 та ҳолатда 299,1 млн сўм асоссиз даромадлар олинганлиги аниқланди.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитасининг Махсус комиссияси томонидан “WHOLE PHARM” МЧЖ ва “YOUNG PHARM” МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди. Шунингдек, “SHIPOVNIK FARM MEDICAL” МЧЖга нисбатан қўзғатилган иш жараёни давом этмоқда.

Ушбу амалга оширилган ишлар натижасида, жами 573 миллион сўмдан ортиқ асоссиз олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Бугунги кунда Қўмита томонидан бу каби мониторинг ишлари бутун Республика бўйлаб давом этмоқда.

Рақобат қўмитаси дорихоналарни белгиланган нарх сиёсатига риоя этишга ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга чақириб қолади. 

    Бошқа янгиликлар