АсосийДунё

Туркия телеканалларига митинглардан жонли эфир узатиш тақиқланди

Абубакир Шаҳин телерадиокомпаниялардан норозилик намойишларини жонли эфирда узатишни тўхтатишни талаб қилган, акс ҳолда лицензиялар бекор қилиниши билан таҳдид қилган.

'Туркия телеканалларига митинглардан жонли эфир узатиш тақиқланди'ning rasmi

Туркияда лавозимидан четлатилган Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан ўтказилаётган митингларни телеканалларда эфирга узатиш тақиқланди. Бу ҳақда Туркия Радио ва телевидение олий кенгаши раҳбари Абубакир Шаҳин огоҳлантириш билан чиқди.

Абубакир Шаҳин телерадиокомпаниялардан норозилик намойишларини жонли эфирда узатишни тўхтатишни талаб қилган ва бунга риоя қилинмаса, лицензиялар бекор қилиниши билан таҳдид қилган. Шаҳиннинг таъкидлашича, намойишлар ёритилиши “чекланган” ва “холис” бўлиши керак, шунингдек, у расмий маълумотлар ва ҳукумат вакилларининг тушунтиришларини ўз ичига олиши шарт.

Абубакир Шаҳиннинг огоҳлантиришидан кейин Туркиянинг етакчи телеканаллари митинглар, норозилик намойишлари ва Истанбул Адлия саройидан жонли эфирни тўхтатган. Айнан шу жойда Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлига эҳтиёт чораси белгиланганди.

Хусусан, TRT Haber, NTV, CNN Turk каби телеканаллар трансляцияларни тўхтатган. Ҳозиргача содир бўлган воқеалар ҳақида фоторепортажлар билан хабарлар бериш давом этмоқда, шунингдек, экспертларнинг чиқишлари эфирга узатилмоқда. Баъзи телеканаллар, жумладан, хусусий Halk TV норозилик намойишлари ўтаётган жойлардан жонли эфирни давом эттирмоқда.

“Politico” нашрининг ёзишича, Х ижтимоий тармоғи митинглар фонида айрим туркиялик мухолифат фаолларининг аккаунтларини блоклаган. Нашр маълумотларига кўра, айрим профилларга фақат Туркия ҳудудида кириш чекланган, бошқа мамлакатларда эса бундай тақиқ мавжуд эмас.

    Бошқа янгиликлар