Андижон вилоятида суюлтирилган газ маҳсулоти ноқонуний сақланаётган “бункер” фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ хабар берди.
Қайд этилишича, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, газ таъминоти бўлими ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан ҳамкорликда Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида суюлтирилган газ таъминотидаги қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш бўйича рейд тадбирлари ўтказилган.
Тадбирда “Шаҳрихонтумангаз” газ таъминоти бўлими чилангари Ж. Х. ўзига бириктирилган махсус автотранспорт воситасини ўзбошимчалик билан бошқарган ҳолда аҳоли истеъмолчиларига тегишли бўлган суюлтирилган газни туман газ бўлимида қоровул вазифасида ишловчи А.Т. билан биргаликда тарқатиш жараёнида белгиланган йўналишдан четга чиқиб, Шаҳрихон тумани Нурафшон кўчасидаги нотурар бино ҳудудига олиб кириб, тушираётган вақтида тўхтатиб қолинган. Мазкур бинода жами 155 дона маиший газбаллонлари ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда ноқонуний сақлаб келинаётгани аниқланган. Шунингдек, 1 дона электрон тарози, автомобилларга пропан газ ўтказиш учун махсус мослаштирилган 2 дона резина шланг ва оғир қолдиқни тўкиб олиб сақлаш учун мўлжалланган 10 дона пластмасса идиш борлиги маълум бўлган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.