Президент Фармонга кўра, 2025 йилдан “Эл-юрт умиди” жамғармасининг янги стипендия йўналиши сифатида “Ёрқин истеъдод” лойиҳаси жорий этилади. Адлия вазирлиги хабар берди.
Бунда қуйидагилар назарда тутилади:
▪️ҳар йили иқтидорли, билимга чанқоқ, оғир оилавий шароити сабабли ўқиш имкониятига эга бўлмаган камбағал оилалар фарзандларини хорижда ўқитиш мақсадида ҳар бир маҳалладан фаол ёшларни саралаш;
▪️саралаб олинган ёшларнинг иқтидорини аниқлаш орқали уларни салоҳиятига мос хорижий олийгоҳларга юбориш учун тайёргарлик курсларида ўқитиш;
“Эл-юрт умиди” жамғармасига жорий йилда “Ёрқин истеъдод” лойиҳаси учун 300 миллиард сўм ажратилади.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижий мамлакатларда таълим олиб қайтган стипендиатлар миллий кадрлар захирасига тўғридан-тўғри киритилади ҳамда улар давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларига танловсиз ишга олинади.
2025 йил 1 июндан:
- нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 100 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим ташкилотларида илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган 35 ёшгача бўлган мутахассисларга уй-жой сотиб олиш учун уй-жой жойлашган ҳудуддан келиб чиқиб, ўн йил муддатга БҲМнинг 2 150 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда ажратилади;
- нуфузли халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорларига тўланадиган бир марталик пул мукофотининг амалдаги миқдорлари 5 бараварга оширилади.