Тошкент вилояти Тошкент туманида меъёрий талабларга жавоб бермайдиган яна бир объектнинг қурилиши тўхтатилди, дея хабар бермоқда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги.
Вазирлик ҳузуридаги назорат инспекцияси КХАЙ йўлида қурилаётган 9 қаватли уйда назорат тадбири ўтказди. Унда объект лойиҳасига ўзгартиришлар киритилгани, хусусан, ички ғишт териш жараёнларида лойиҳа талабларига амал қилинмагани, айрим жойларда газоблок ўрнига ғишт ишлатилгани маълум бўлди.
Инспекция мутахассиси Ҳикматилла Саъдуллаевнинг айтишича, бу бино учун келгусида зилзилавий ҳолатларда салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, бинога ноқонуний тарзда қўшимча қават қўшилгани аниқланган ва уни демонтаж қилиш ишлари бошланган.
Ҳолатлар якуни бўйича барча қурилиш ишлари жойида тўхтатилди. Лойиҳа талабларига зид равишда бажарилган ишларни буздириш бўйича ёзма кўрсатма берилди ва жараён бошланди, дейилади хабарда.