Ҳукуматнинг "Аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари ер майдонларидан самарали фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинди.
Январь ойида Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда томорқасига экин экмаганлардан ер солиғи оширилган миқдорда ундирилиши айтилганди.
Ҳужжат билан аҳоли томорқаси ва ижара асосида ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш тартиби тасдиқланди. Унга кўра, томорқа ва ижара ҳуқуқи асосида ажратилган ер майдонларида экин экилиши устидан назорат қуйидаги тартибда амалга оширилади.
- маҳалла даражасида — "маҳалла еттилиги" ва "маҳалла банклари";
- туман даражасида — туман (шаҳар) штаблари ҳамда ҳокимларининг тегишлилиги бўйича ўринбосарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳлар;
- ҳудуд даражасида — Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ҳамда вилоятлар ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳлар.
"Маҳалла еттилиги" хулосасига асосан аҳоли томорқалари ва ижарага олинган ер майдонларига экин экмаган ёки самарасиз фойдаланаётган шахсларга нисбатан қуйидаги таъсирчан чоралар кўрилади:
- томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига давлат дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар берилмайди;
- Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган фуқаролар учун назарда тутилган имтиёзлар тўхтатилади;
- Online mahalla платформаси маълумотлари асосида экин экилмагани аниқланган йил учун ер солиғи ставкаси уч карра миқдорида ҳисобланади.
Ижара ер майдонларида деҳқон хўжалиги томонидан экиш ишлари амалга оширилмаганда (форс-мажор ҳолатлари бундан мустасно) туман (шаҳар) штаблари томонидан ер майдонларини иккиламчи ижарага бериш чоралари кўрилади.
Бунда тижорат банклари, туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари томонидан камида 40 гектар ер участкасида "бир контур — бир маҳсулот" тамойили асосида юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш бўйича намунавий лойиҳалар амалга оширилади.
Шунингдек, қолган контурлардаги ижарага олинган ер участкаларида маҳсулот етиштиришни ташкил этиш учун ишчи гуруҳларга етакчи тадбиркорларни жалб қилган ҳолда лойиҳалар амалга оширилишида кўмаклашилади.