Фарғона вилоятидаги “Қўқон ёғ-мой” ҳиссадорлик жамиятининг бир гуруҳ ишчиларига 6 ойдан бери иш ҳақи тўланмагани аниқланди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) хабар берди.
Қайд этилишича, ишчиларнинг 2024 йилнинг сентябрь ойидан буён 6 ойлик иш ҳақлари тўлаб берилмаган. Корхона раҳбарияти мазкур ҳолатга жавобан ходимларга “ойлик йўқ ва яқин ойларда бўлмайди ҳам, хоҳласа ишласин, хоҳламаса йўқ!” мазмунида жавоб қайтарган.
Билдирилишича, мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, унинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилган.
Ўрганиш якунларига мувофиқ, Омбудсман томонидан тегишли таъсир чоралари киритилган. Натижада 71 нафар ишчининг 830 млн сўмга яқин иш ҳақлари тўлиқ ундириб берилган.