АсосийЖамият

“Ток” нархи тушадими?

1 майдан бошлаб 500 кВт соатгача янги тариф жорий этилади.

'“Ток” нархи тушадими?'ning rasmi

Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб фуқаролар электр энергиясига 201 кВт соатдан 500 кВт соатгача 900 сўмдан эмас, 800 сўмдан тўлов қилади. Бу ҳақда энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024-2025 йилларда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг босқичма-босқич ўзгариш графигига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида” 194-сон қарори қабул қилинган.

Давлат раҳбарининг топшириқларига мувофиқ ишлаб чиқилган мазкур қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги 204-сон қарори билан тасдиқланган 2024-2025 йилларда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг босқичма-босқич ўзгариш графигига аҳоли учун енгиллик яратадиган ўзгартишлар киритилган.

Масалан, ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг ошиши муддати 1 апрелдан 1 май санасига кўчирилган.

Қолаверса, 201 кВт соатдан 1000 кВт соатгача бўлган дифференсиаллашган тариф бўйича истеъмол миқдори орасига янги миқдор киритилмоқда.

Яъни 2025 йил 1 майдан эътиборан аҳоли истеъмолчилари 201 кВт соатдан 500 кВт соатгача бўлган янги миқдор оралиғида ҳар бир киловатт соат учун 800 сўмдан тўлайди (шу пайтгача 201 кВт·соатдан 1000 кВт·соатгача бўлган қисми учун 900 сўмдан ҳақ тўланган).

Шунингдек, бир ойда ўртача 500 кВт соат миқдорида электр энергияси сарфлайдиган хонадон вакиллари бунинг учун 2025 йилнинг 1 май санасига қадар 360 минг сўм тўлашарди (200 кВт соат базавий норма учун 90 минг сўм, 201 кВт соатдан 500 кВт соат учун 270 минг сўм).

Тариф ўзгаришларидан сўнг бир ойда ўртача 500 кВт соат ток ишлатадиган хонадон бунинг учун... 360 минг сўм тўлайди (200 кВт соат базавий норма учун 120 минг сўм, 201 кВт соатдан 500 кВт соат учун 240 минг сўм). Яъни улар учун нарх ошаётгани йўқ.

Бундан ташқари, қарор билан электр энергияси ва табиий газ нархлари ҳар йили 1 майдан бир маротаба йиллик инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда индексация қилиб борилиши белгиланмоқда.

    Бошқа янгиликлар