1 ҳафтада энергия ресурсларини ўғирлаш билан боғлиқ 2700 дан ортиқ ҳолат аниқланди. Бу ҳақда ДХХ маълум қилди.
Қайд этилишича, 2025 йилнинг 1-7 апрель кунлари Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва “Ўзенергоинспексия” ходимлари ҳамкорлигида рейд тадбирлари ўтказилган.
Мазкур тадбирлар давомида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 2776 та ҳолат фош этилган. Аниқланган ҳолатлардан 1807 таси электр энергияси, 969 таси эса табиий газдан ноқонуний фойдаланишга оид бўлиб, давлатга етказилган умумий зарар 19,5 миллиард сўмдан ошган.
Терговга қадар ўтказилган суриштирувлар асосида 39 та жиноят иши қўзғатилган, 263 та ҳолатда эса маъмурий чоралар белгиланган.
Шу билан бирга, кўрилган чора-тадбирлар натижасида 6,8 миллиард сўм миқдоридаги зарар давлат фойдасига ундирилган.