Фарғона ҳамда Хоразм вилоятларида контрабанда занжири фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати "Darakchi.uz" маълум қилди.
Чегарадан бошланган жиноят
Фарғона ва Хоразм вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар наркотик воситалар савдоси ҳануз кучли сояда давом этаётганини фош этди. Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилган операциялар давомида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси, уларнинг мамлакатга контрабанда йўли билан кириб келаётгани, савдо занжирида эса кўплаб шахслар иштирок этаётгани аниқланди.
Гашишни 240 миллион сўмга сотаётганида ушланди
Марғилон шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб кирган 1 кг 524 грамм "гашиш" моддасини 240 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди. Дастлабки терговга кўра, наркотик моддалар сотиш учун эмас, балки занжирли тарзда тарқатиш мақсадида мамлакатга олиб келингани айтилмоқда.
Дорилар машинада ва ҳовлида яширилган
Ёзёвон туманида тўхтатилган "Lasseti" автомобилида эса 799 дона "Зардекс" ва 40 дона "Тропикамид" дорилари топилди. Айнан шу фуқаронинг яшаш хонадонидан яна 1679 дона "Зардекс" ва 48 дона "Тропикамид" мусодара қилинди. Мазкур дорилар дорихонада фақат рецепт асосида берилиши лозим, аммо ноқонуний айланиши ҳам гиёҳвандликка тенг хавф туғдиради.
"Лириканинг" минглаб донаси: кетма-кет қўлга олишлар
Марғилонлик яна бир фуқаронинг вақтинчалик яшаш жойидан 2239 дона кучли таъсир қилувчи «Лирика» дорилари топилди. Терговда аниқланишича, мазкур дорилар Фарғона туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган фуқаро томонидан Қирғизистондан номаълум шахслар орқали олиб келинган.
Хоразмда "опий" ва "героин" савдоси
Хизматнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда «Самарқанд-Хоразм» йўналишида 802 грамм "опий" моддасини сотмоқчи бўлган икки шахс — илгари судланган 1960 йилда туғилган фуқаро ва унинг 1980 йилда туғилган шериги қўлга олинди.
Урганч шаҳрида эса 499 грамм "опий" ва 12 грамм «героин»ни 11 500 АҚШ долларига сотаётган икки шахс жиноят устида ушланди. Улардан бирининг ҳовлисидаги ер ости хонадан яна 351 грамм «опий» топилди. Аниқланишича, наркотик воситалар Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган.
Афюнни яширган собиқ маҳкум
Ҳазорасп туманида 1962 йилда туғилган, илгари судланган фуқаронинг уйидан 989 грамм "опий" моддаси аниқланди. Расмий маълумотларга кўра, мазкур наркотик восита ҳам Тожикистондан ноқонуний йўллар билан келтирилган.
Жиноят ишлари очилди, тергов давом этмоқда
Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят ишлари қўзғатилиб, барча гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди. Айни пайтда суриштирув ва тергов ишлари давом этмоқда.