АсосийЖамият

Алишер Қодиров интернетда ижтимоий онгни манипуляция қилишга қарши чоралар кўришни таклиф қилмоқда

"Миллий тикланиш" партияси етакчиси душманлик уруғини сочиб, "халқ" сўзини қалқон қилиб олганлар кўпайиб бораётгани ҳақида гапирди.

'Алишер Қодиров интернетда ижтимоий онгни манипуляция қилишга қарши чоралар кўришни таклиф қилмоқда'ning rasmi

"Миллий тикланиш" партияси етакчиси Алишер Қодиров ахборот маконида шахсни ҳақоратлаш, камситиш ва таҳқирлаш учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган масала юзасидан қонунчилик таклифи тайёрланаётганини маълум қилди.

"Эркинлик - ҳаётий зарурат, усиз ривожланиш мумкин эмас. Лекин эркинликнинг шартлари бор: очиқлик, масъулият ва ҳисобдорлик. Ахборот маконида ҳақорат қилиш, камситиш, таҳқирлаш оғир жиноятга тенглаштирилиши ва қаттиқ жазоланиши керак.

Душманлик уруғини сочиб, "халқ" сўзини қалқон қилиб олганлар кўпайиб бормоқда. Ваҳоланки, Конституциянинг 10-моддасида халқ номидан фикр билдириш ҳуқуқи кимга берилганлиги аниқ белгилаб қўйилган. Қолганлар ўз номидан гапириши, муҳокамаларда, мунозараларда иштирок этиши - сўзлари ва ҳаракатлари учун жавоб бериши керак," - деб ёзди Алишер Қодиров.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда хавотирли амалиёт пайдо бўлди: интернетда тор бизнес ва бошқарув манфаатларига эришиш учун нотўғри идрок ва тафаккурга эга одамларни мувофиқлаштириш ва йўналтиришни ўрганишди.

"Қонун бундай манипуляторларни, улар ким бўлишидан қатъи назар, тўхтатиши ва кескин чоралар кўриши керак ("Нулевой день" сериалини кўришни тавсия қиламан). Бундай медиа-лойиҳалар вақт ўтиши билан биринчи навбатда ўз ижодкорларининг, кейин эса минглаб ёш-у қари, оддий инсонларнинг тақдирини барбод қилувчи бошқариб бўлмас махлуққа айланиб қолиши мумкин. Украинадаги инқироз бунга яққол мисол бўлмадими?" - деб ёзди Қодиров.

Унинг қўшимча қилишича, интернет нафақат даромад манбаи, балки шахсий фикр билдириш платформаси ҳамдир, бу, шубҳасиз, даврнинг энг фойдали кашфиётларидан биридир.

"Бироқ, эркинликни ниқоб қилиб, тартиб ва маданият меъёрларини бузувчи қўполликка йўл қўйиб бўлмайди. Бундай кўринишлар билан ҳар қандай енгилтакликка чек қўйиш керак," - дея хулоса қилди депутат.

    Бошқа янгиликлар