Туркиядаги ва Туркияга бораётган ўзбекистонликлар ёлғон иш таклифларига ишонмасликка чақирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси огоҳлантириш билан чиқди.
Қайд этилишича, сўнгги пайтларда айрим фирибгар шахслар Ўзбекистон фуқароларига Туркияда юқори маошли иш таклиф қилиб (асосан фуқароларнинг таниш-билишлари орқали), уларни алдаш ҳолатлари кўпаймоқда. Ушбу шахслар ишга жойлашиш, уй-жой ва қонуний ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ёлғон ваъдалар бериб, ўзбекистонликларни оғир аҳволга солмоқда.
Ноқонуний меҳнат фаолиятини бошлаганлар ёки фирибгарлар томонидан алданганлар қуйидаги муаммоларга дуч келиши мумкин:
Иш ҳақи ваъда қилинганидан анча кам тўланиши ёки умуман берилмаслиги;
Иш шароитлари оғир ёки ёмон бўлиши;
Иш берувчи томонидан ноқонуний эксплуатация ва ҳақорат;
Туркияда ноқонуний меҳнат қилиш оқибатида депортация ва жарималар;
Туркияга боргандан сўнг аэропортда кутиб олиш ваъда қилиниб, пул ўзлаштирилгандан кейин воситачининг ғойиб бўлиши.
Юқоридаги ҳолатларда ўзбекистонликлар ва иш таклиф қилган шахслар ўртасида ҳеч қандай расмий ҳужжат мавжуд бўлмаганлиги сабабли фирибгарларни жавобгарликка тортиш жуда қийин бўлади. Туркияда ишлаш учун чет эллик фуқаролар махсус рухсатнома – иш рухсатномасига (Çalışma İzni) эга бўлишлари шарт.
Шунингдек, иш излаш учун фақатгина Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги (www.migration.uz) (http://www.migration.uz/) ёки лицензияга эга расмий агентликларга мурожаат қилиш, Туркияга ноқонуний йўллар билан бормаслик ва ишончсиз шахсларга пул бермаслик, иш шароитлари, рухсатномалар ва маош бўйича расмий ҳужжат талаб қилиш сўралади.
“Ўзингиз ва яқинларингизни фирибгарлардан эҳтиёт қилинг! Ишга фақат расмий йўллар билан жойлашинг!”, дейилади хабарда.