“Uzbekistan Airways” 14 апрелдан Тошкент — Жидда — Тошкент йўналишидаги рейсларда Умра визасига эга йўловчиларни қабул қилишни тўхтатди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, бу Ҳаж-2025 дастури бошлангани билан боғлиқ. 14 апрелдан бошлаб авиакомпания рейслари орқали Саудия Арабистонига бораётган барча йўловчилар Тошкентга қайтиш чиптасига эга бўлиши ва 30 апрелгача мамлакат ҳудудини тарк этиши шарт.
“Агар 30 апрелдан кейин мамлакатда қолган йўловчилар аниқланса, жарималар учун жавобгарлик агент ёки йўловчининг зиммасига юкланади”, — дейилади хабарда.
Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бош бошқармаси айланмасига мувофиқ, Uzbekistan Airways томонидан амалга оширилаётган Тошкент — Жидда — Тошкент рейслари 30 апрелдан бошлаб бекор қилинади.