АсосийЖиноят

Россияда 4 нафар ўзбекистонликнинг жасади топилди

Уларнинг ўлимида терговчилар томонидан жиноят аломатлари аниқланмаган.

'Россияда 4 нафар ўзбекистонликнинг жасади топилди'ning rasmi

2025 йилнинг 13 апрель куни Россиянинг Калининград шаҳри Гагарин кўчасидаги кўп қаватли уйда 4 нафар Ўзбекистон фуқароси ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда “Каскад” нашри маълум қилди.

Маълум бўлишича, уларнинг ўлимида терговчилар томонидан жиноят аломатлари аниқланмаган. Гагарин кўчасидаги 22-бинодаги 5-хонадонга бир ойдан камроқ вақт олдин ўзбекистонлик тўрт киши кўчиб борган. Улар Ўзбекистондан Калининградга пул топиш учун кетган.

Марҳумларнинг жасади олиб чиқилгач, уйнинг эшиги қулфланган. Терговчилар қўшниларни ҳам сўроққа тутган. Улар эса вафот этган ўзбекистонликларнинг уйга кам келгани, кўп ишлагани ҳақида айтиб берган.

“Яхши одамлар эди. Ҳар куни эрталаб соат саккиз яримларда чиқиб кетарди, кечқурун ҳам соат тўққизлар атрофда қайтиб келарди. Фақат эшик ёпилиш овозини эшитар эдим, ўзи жуда хотиржам эди”, — дея эслайди Людмила исмли қўшни аёл.

Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг ўлимига ис газидан заҳарланиш сабаб бўлган. Вилоят тергов қўмитаси берган хабарга кўра, ижарадаги хонадонда газ жиҳозларига нотўғри хизмат кўрсатилган.

“Иш бўйича тергов ишларини вилоят прокуратураси ҳам назорат қилмоқда. Хонадон эгаси уларнинг ўлими учун жавобгар бўлиши мумкин. Иш очилган модда бўйича энг кўп жазо бир неча йиллик қамоқ жазосига тўғри келади”, деган Россия Тергов қўмитаси раҳбарининг Калининград вилояти бўйича катта ёрдамчиси Наталя Гатско.

    Бошқа янгиликлар