Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Сергели туман Ички ишлар бошқармасида фуқаро Жавоҳир Қурбонов қийноққа солингани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат бўйича Омбудсман расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, шу йил 8 февраль куни Ж.Қурбонов ушбу туман Ички ишлар бошқармасига чақиртирилган ва у ерда икки кун давомида ноқонуний равишда ушлаб турилиб, турли шаклларда зўравонликка дучор қилинган. Натижада, оёғи сингани, бош қисми лат егани ва шишлар кузатилгани маълум қилинган.
Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) назоратига олинди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратурага Омбудсман талабномаси киритилди.
Омбудсман ушбу ҳолатни қонун талаблари доирасида кўриб чиқилиши, воқеанинг барча жиҳатларини очиқ ва адолатли суриштирувини таъминлашни сўрайди.