Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида номаълум шахс одамларга пичоқ билан таҳдид қилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Қўриқлаш бошқармасига 18 апрель куни соат 19:40 атрофида Себзор кўчасидаги автотураргоҳлардан биридаги “ташвиш тугмаси” босилгани ҳақида хабар келиб тушган.
67 ёшли Х.С. маст ҳолатда автотураргоҳ қоровули ва бошқа фуқароларни ошхона пичоғи билан қўрқитиб, жамоат тартибини бузган. Сўнг воқеа жойидан қочиб, кўп қаватли уйлардан бирига кириб кетган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода эркак лифтда ёлғиз болани қўрқитиб, унга бир неча марта тарсаки туширгани кўринади. Яна бирида эса бошқа болалар ундан қочиб, кўп қаватли уйга яширинади.
Бошқармага кўра, кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида у ушланиб, яқин орадаги ИИБга олиб борилган. Фуқаро пичоқ билан ҳеч кимга тан жароҳати етказмаган.
Ҳолат юзасидан Х.С.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик), 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 185−2-моддаси (Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди ушбу шахсга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган,— дейилади хабарда