Арманистон бош вазири Никол Пашинян «арман геноциди» деб номланувчи тадбир муносабати билан ўтказилган машъалали юриш олдидан Озарбайжон ва Туркия байроқларининг ёқиб юборилишини қоралади. Бу ҳақда Armenpress агентлигига бош вазирнинг матбуот котиби Багдасарян маълум қилди.
«Бош вазир Пашинян бундай ҳаракатни масъулиятсиз ва қабул қилиб бўлмайдиган деб ҳисоблайди. Халқаро даражада тан олинган давлат, айниқса қўшни давлатлар байроғини ёқишни давлат раҳбари бундан бошқача баҳолай олмайди. Бу – провокацион ва қўзғатувчи амалиётдир», — деди матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, чоршанба - 23 апрель куни Арманистон пойтахти Ереван шаҳри марказидаги Республика майдонидан "Цицернакаберд" — геноцид қурбонлари хотира мемориалигача бўлган машъалали юриш бошланишидан олдин Туркия ва Озарбайжон байроқлари ёқиб юборилди. Бу юриш ҳар йили 24 апрель — арман геноциди деб аталувчи воқеа қурбонларини хотирлаш куни арафасида анъанавий тарзда ўтказилади.
Ўтган ойда эса Арманистон бош вазири Никол Пашинян Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян томонидан аввал билдирилган баёнотни тасдиқлаб, арман геноцидини халқаро миқёсда тан олдириш масаласи Ереваннинг ташқи сиёсатдаги устувор йўналиши эмаслигини маълум қилди.
Абдуллоҳ Саййид