Ижтимоий тармоқларда ўсмир бола онасини ургани акс этган видео тарқалди.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг маълум қилишича, ҳолат 24 апрель куни Наманган вилояти Давлатобод туманида содир бўлган. Унга кўра, 38 ёшли С.Ш. яшаш хонадонида 14 ёшли ўғли Р.А. билан маиший сабабларда (боланинг бузилган уяли телефони таъмирга берилмай, оила аъзолари томонидан ташлаб юборилганлиги туфайли) низолашиб, она ва ўғил бир-бирини урган.
Низони, аёлнинг онаси, боланинг бувиси Х.А. тўхтатишга уринганида бола бувисига ҳам қўл кўтарган. Билдирилишича, бола хулқидаги мазкур салбий ҳолат юзасидан туман мутасаддилари тегишли чоралар кўрмоқда.
“Бола тарбияси борасида аҳамиятсиз жиҳатнинг ўзи йўқ. Бола ўзини тутиши, унинг ахлоқи – оила аъзоларининг, айниқса ота-онанинг хулқи, болага бўлган муносабати кўзгусидир. Ота-оналар фарзанд тарбиясига масъул, унинг қизиқишлари ва хулқидаги салбий ўзгаришларга ўз вақтида эътиборли бўлиш шундай хунук вазиятлардан сақлайди”, деди Сурайё Раҳмонова.