АсосийДунё

Қозоғистон чет эл фуқароларига “олтин виза” жорий қилмоқчи

Мазкур виза орқали хорижликлар мамлакатда 10 йилгача яшай олади.

'Қозоғистон чет эл фуқароларига “олтин виза” жорий қилмоқчи'ning rasmi

Қозоғистонда хорижликларга 10 йилгача яшаш учун рухсатнома олиш имконини берувчи “олтин виза” жорий этилади. Бу ҳақда давлатнинг Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, мамлакатда инвестор визасини олишнинг янги қоидалари тасдиқланган. Унга кўра, Қозоғистон компанияларининг устав капиталига ёки маҳаллий эмиссиявий қимматли қоғозларга камида 300 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган чет эл фуқаролари инвестор визасини олиш учун электрон ариза топшириши мумкин бўлади.

Ушбу “олтин виза” кейинчалик республикада 10 йилгача яшаш учун рухсатнома олиш имкониятини назарда тутади.

Бу мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Бундай визавий дастурлар АҚШ, БАА ва Европа Иттифоқи аллақачон қўлланилмоқда. Улар капитал, технологиялар ва бизнес фаолиятини жалб қилишда самарали восита сифатида ўзини оқлаган.

Қозоғистон ҳам бу ёндашувга қўшилмоқда ва ўзининг инвестицион резидентлик моделини таклиф қилмоқда. “Олтин визалар”ни бериш хорижий инвесторлар учун қулай ва барқарор муҳит яратади, ҳуқуқий кафолатларни таъминлайди ва Қозоғистондаги инвестиция муҳитига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.

Бу янгилик мамлакатнинг очиқлик, капитални ҳимоя қилиш ва барқарор халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган стратегик йўналишини акс эттиради, дея таъкидлади Ташқи ишлар вазирлиги.

Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан (30 апрель) эътиборан 10 кун ўтгач кучга киради.

    Бошқа янгиликлар