Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Ҳаж ва Умра сафарларини ноқонуний йўл билан уюштирмоқчи бўлган шахслар ва туристик фирмалар вакиллари қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати "Darakchi.uz" га маълум қилди.
Тошкент
Пойтахтда фаолият юритувчи туристик фирмалардан бирининг 4 нафар ходими 3 нафар фуқаро учун ишчи визаси асосида Ҳаж сафарини ташкил қилиш эвазига ҳар биридан 7 минг доллар, яна 1 кишидан эса сайёҳлик визаси орқали юбориш учун 5 минг доллар талаб қилган. Улардан жами 20 минг долларни олдиндан олган пайтда ушланди.
Фарғона
Марғилонда фаолият юритувчи турфирма вакили 2 нафар фуқаро учун Умра сафарини 2400 долларга, 3 нафар фуқаро учун Ҳаж сафарини 15 минг долларга ташкил қилишни ваъда қилган. У пулни олаётган вақтида қўлга олинди.
Наманган
Вилоят марказида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс ижтимоий тармоқларда ёлғон эълонлар бериб, 3 нафар фуқаронинг ишончига кирган. Ҳар биридан 4 900 доллардан олиб, жами 14 700 доллар ундириб олган вақтда ушланган.
Чуст туманида эса турфирма раҳбари Умра сафарига тегишли лицензияси бўлмаса-да, 3 нафар фуқарони юбориш эвазига 4050 доллар талаб қилган. У 4 минг доллар олаётганида қўлга тушган.
Яна бир ҳолат
Тошкентда яшовчи, 1998 йилда туғилган шахс 5 нафар фуқарони Ҳаж визаси асосида юбориш эвазига 27 минг доллар сўраган. Улардан 13 500 долларини олдиндан олиб, ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.