Рақобат қўмитасига фуқародан “ENVIRON PG” МЧЖга тегишли “Estelle” гўзаллик салонида амалга оширилган “сариқ пилинг” натижасида унинг юз терисининг асосий қисми (тахминан 80 фоизи) қаттиқ кимёвий кўйишга учраганлиги ва бу ҳолат оғир даволаш жараёни ҳамда молиявий юкламаларга сабаб бўлганлиги ҳақида мурожаат келиб тушган.
Қўмита томонидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлил ишлари натижасида қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, “Estelle” гўзаллик салони томонидан тиббий лицензия талаб қилинадиган косметологик хизматлар ҳеч қандай тегишли рухсатномаларсиз амалга оширилгани, пилинг хизмати кўрсатган ходимнинг олий тиббий маълумотга эгалиги тасдиқланмагани, кўрсатилган процедуралар белгиланган сифат ва хавфсизлик стандартларига жавоб бермаслиги маълум бўлди.
Жабрланувчи кўрган оғир оқибатлар ва “Estelle” гўзаллик салони фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 190-моддаси — лицензия ёки бошқа рухсатнома талаб қилинадиган фаолиятни тегишли ҳужжатларсиз амалга ошириш аломатлари мавжудлиги инобатга олинган ҳолда, Қўмита томонидан тўпланган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилиши учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилди.