Бостон суди АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятининг муҳожирларни Ливия ва Сальвадорга депортация қилиш ҳақидаги таклифини рад этди. Бу ҳақда 17 май, шанба куни Reuters агентлиги хабар берди. Уч судьядан иборат ҳайъат Ички хавфсизлик департаментининг бундай депортациялар бўйича сиёсатидан хавотир билдирди ва агар чиқариб юборишлар ноқонуний деб топилса, "тузатиб бўлмайдиган зарар" эҳтимоли ҳақида маълум қилди.
Февраль ойида Сальвадор расмийлари Қўшма Штатлар томонидан депортация қилинган муҳожирларни, шунингдек, Қўшма Штатларда зўравонлик жиноятларида айбланганларни қабул қилиб, маҳаллий қамоқхонага жойлаштиришга рози бўлди.
Аввалроқ Оқ уй ноқонуний муҳожирлар учун "ихтиёрий депортация" дастури бошлангани ҳақида маълум қилганди. Унинг доирасида АҚШда ноқонуний яшаётган муҳожирлар Иммиграция ва божхона полицияси билан боғлиқ муаммолардан қочиб, ўз ватанларига қайтишлари учун молиявий ва ташкилий ёрдам олишлари мумкин бўлади.
Ихтиёрий депортация учун CBP Home иловасидан фойдаланадиган ҳар қандай мигрант у орқали 1000 доллар стипендия олади. Пул унинг ватанига қайтиши тасдиқланганидан кейин тўланади, дея маълум қилди АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги.
Вазирлик раҳбари Кристи Ноэмнинг фикрича, бундай тартиб америкалик солиқ тўловчилар учун депортация харажатларининг 70 фоизини тежашга ёрдам беради. Ҳозирда ноқонуний муҳожирни ҳибсга олиш, қамоқда сақлаш ва депортация қилиш учун ўртача харажат 17 минг доллардан ошади, дейилади идора хабарида.