АсосийЖамият

Ноқонуний йўл билан ҳажга борганлар Саудиядан депортация қилинади

Шунингдек, Ҳаж амалларини ноқонуний йўллар билан бажариш 20 мингдан 100 минг саудия риёлигача (27 минг АҚШ долларигача) молиявий жарималар қўлланишига сабаб бўлади.

'Ноқонуний йўл билан ҳажга борганлар Саудиядан депортация қилинади'ning rasmi

Дин ишлари бўйича қўмита фуқароларга мурожаат билан чиқиб, ноқонуний йўллар билан ҳажга бориш оқибатларини эслатди.

Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигидан келиб тушган хабарномага кўра, рухсатномасиз ҳаж амалларини бажаришга ҳаракат қилиш тегишли тартибда жавобгарликка тортилади. Шунингдек, бу борада Саудия Ички ишлар вазирлигининг махсус баёноти ҳам илова қилинган. Белгиланган тартибга мувофиқ ҳаж амалларини бажариш учун зиёратчида “Ҳаж-2025” визаси бўлиши шарт. Саудия Арабистони ҳукумати қолган барча турдаги визалар — умра, туризм, бизнес, зиёрат ва бошқалар билан ҳаж тадбирини амалга оширишга қатъий йўл қўймайди.

“Тушунтириш ва огоҳлантиришларга қарамай, ҳозирда айрим турфирмалар ва учинчи давлатлар орқали фуқароларимизни ҳаж зиёратига жўнатишга ҳаракатлар кузатилмоқда”, дейилади қўмита хабарида.

Саудия ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан амалга оширилаётган рейдлар натижасида ноқонуний равишда ҳаж ибодатини амалга оширишга уринган шахсларга нисбатан жазо чоралари қўлланилади ва мамлакатдан депорт қилинади.

Хусусан, ноқонуний йўллар билан ҳаж амалларини бажариш 20 мингдан 100 минг саудия риёлигача  (27 минг АҚШ долларигача) молиявий жарималар қўлланишига сабаб бўлади. Шунингдек, фуқарони Саудиядан депортация қилишдан ташқари кейинги 10 йил давомида подшоҳликка кириши тақиқланганлар рўйхатига киритилиши белгиланган.

Ўзбекистонда ҳаж тадбири Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ўтказилади.

Шунга кўра, ҳаж тадбири Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади ҳамда бундай фаолият билан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди.

“Шундай экан, юртдошларимизни турли алдов йўллари билан ҳажга олиб боришни ваъда қилаётган фирибгарларга ишонмасликка чақирамиз. Огоҳ бўлинг, фирибгарларга алданманг”, дейилади қўмита хабарида.

    Бошқа янгиликлар